Иш унумдорлигини оширишучун тавсиялар



Вақтингизни тежаш, уни тўғри йўналтиришни, самарали ишлашни ва тўғри дам олишни одатга айлантиришни истасангиз сизга қуйидаги тавсияларга амал қилишингизни маслаҳат берамиз:

Ахборот “парҳез”ини йўлга қўйинг

Ахборотнинг катта оқимлари асаб тизимини зарарлайди ва дам олишга халал беради. Янгилик сайтлари, турли ижтимоий тармоқлар доимий равишда бизнинг эътиборимиз учун курашади, кўпинча бир хил мавзулар ёритилади. Шунинг учун, уларга кўп вақт ажратиш шарт эмас. Ўзингизнинг ривожланишингизга ёрдам берувчи, энг ишончли ва муҳим бўлган битта ахборот воситасини кузатишнинг ўзи етарли.

Тез-тез танаффус қилинг

Агар сиз жуда кўп вазифалар талаб қиладиган қийин соҳада ишласангиз, ўзингизга камида ярим соат вақт ажратинг. Стулингиздан туринг ва жисмоний фаолият билан шуғулланинг. Турли енгил машқлар, чўзилиш гимнастикаларининг ўзи ҳам кишидаги чарчоқ ва диққат етишмаслигини бартараф қила олади.

Тез-тез кўчага чиқинг

Бинодаги эскирган ҳаво самарадорликни пасайтиради, бош оғриғига ва стрессга олиб келади. Олимлар ҳатто “Касал бино синдроми” атамасини ҳам кўп ишлатишади, бу ҳолат бино ҳавосини алмаштирмаслик, ёритиш ва иситиш тизимларининг ёмонлиги туфайли турли оғриқлар юзага келишига сабаб бўлади. Сизнинг ишхонангизда барча имкониятлар мавжуд бўлса-да, тоза ҳаво танангизга кўпроқ ёқади ҳамда фойдалидир.

Дам олиш соатларини олдиндан режалаштиринг

Ишдан кейин ёки дам олиш кунини қандай ўтказишингизни олдиндан ҳал қилинг, уни севимли машғулотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг. Мақсадсиз ётиш янада чарчоққа олиб келади. Унинг ўрнига қизиқарли дам олиш кунлари билан сиз самаралироқ ишлайсиз.

Дам олиш кунида иш ҳақида ўйламанг

Дам олиш кунида иш билан шуғулланманг, иш ҳақда умуман ўйламасликка ўзингизга ваъда беринг. Гарчи иш билан боғлиқ муҳим учрашув ёки тугалланмаган иш бўлса ҳам. Ёдингизда бўлсин, сизнинг шахсий ҳаётингиз бор, бу кунни бутунлай оилангизга бағишланг.

Қийин ишларни қисмларга ажратиб бажаринг

Агар сиз ишлаётган иш ёки юмуш мураккаб ва оғир бўлса, уни бир уринишда битказишга уринманг. Аксинча, бўлакларга бўлиб, секинлик билан бажаринг. Шундагина диққатингизни бир жойга жамлаш ва иш самарадорлигини ошириш енгил бўлади.