Қозоғистон президенти блогерларни реклама ёрлиғини қўйиш ва даромадларидан солиқ тўлаш мажбуриятини юкловчи қонунни имзолади. Шунингдек, улар сохта хабарлар тарқатгани учун жаримага тортилади.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев интернет-платформалар ва онлайн рекламани тартибга солувчи қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Kursiv нашри. Ҳужжат блоггерларни юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва сохта маълумотлар учун жавобгарликка тортиш мажбуриятини юклайди.
Қонунда «инфлюенсер» (блоггер), «онлайн платформа», «ҳомийлик контенти», «жамоат ҳамжамияти» ва бошқа тушунчалар киритилмоқда. Блогерлар реклама мазмунидаги постларни белгилаши ва даромаддан солиқ тўлашлари керак бўлади.
Бундан ташқари, қонунда ёлғон маълумот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Жисмоний шахслар учун жарима миқдори 69 минг тенгени (тахминан 155 доллар), блогер-тадбиркорлар учун эса 138 минг тенгени (300 доллардан сал кўпроқ) ташкил этади.
Қозоғистонда аллақачон ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик, жумладан, катта миқдорда жарима тўлаш назарда тутилган. Мамлакат Бош прокуратурасининг қайд этишича, маъмурий жавобгарликнинг жорий этилиши «ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш» вазифасини ўтайди.
Қонун шунингдек, қозоқ тилини онлайн платформалар интерфейсларига интеграциялашни назарда тутади, бу эса тартибга солувчи органларга нафақат рус тилидаги ноқонуний контентни кузатиш имконини беради, балки уни олиб ташлашни ҳам талаб қилиш имконини беради. Агар бу талаб бажарилмаса, расмийлар интернет-сайт фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади.
Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Дархон Кидирали сўзларига кўра, янги қонун яширин иқтисодиёт ва интернетдаги фирибгарликка қарши курашда ёрдам беради. «Бошқача қилиб айтганда, офлайн ҳаётдаги масъулият онлайн дунёда ҳам талаб қилинади», — деди у.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Баъзи журналистлар ва блоггерлар, ўз навбатида, қонун ҳукуматнинг блогерларга нисбатан қўшимча босими ва ўз-ўзини цензурани кучайтириши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.