Маълумотларга кўра, Қозоғистон Республикаси Қизил-ўрда вилоятининг Жанақўрғон туманида 77 ёшли, Шиели туманида 51 ёшли фуқаролар оғир ҳолатда Қрим-Конго геморрагик иситма (ҚКГИ) касаллиги белгилари билан шифохонага олиб келинган. Беморлар кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, реанимация бўлимида вафот этган.
Мазкур вилоятда йил бошидан буён кана чақиши билан 600 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган.
Шундан 23 нафари шифохонага ётқизилган. Шифохонага ётқизилган беморларнинг 8 нафарида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, республика ҳудудига карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни чет давлатлардан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмайди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ҳам ҳудудларида касалликларнинг четдан кириб келишини олдини олиш мақсадида давлат чегаралари кесишиш жойларида, халқаро аэропортларда, темир йўл вокзалларида ва Термиз дарё портида ташкил этилган 51 та санитария – карантин пунктлари (СКП) фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг тавсиясига кўра, ҚКГИ қўзғатувчилари билан зарарланган каналар мавжуд ҳудудларни аниқлаш ва каналарда зарарланиш даражасини ўрганиш мақсадида ветеринария хизмати билан ҳамкорликда табиий ўчоқли ҳудудлардан 1 000 донадан кана йиғиб олиниб, Вирусология ITI лабораториясида таҳлилдан ўтказилиб, ҚКГИ касаллигининг келгуси йил учун башорати маъмурий ҳудудлар кесимида тайёрланган.