ЖССТ Европанинг олтита давлатида эховирус-11 билан касалланган янги туғилган чақалоқлар сони ортиб бораётганини маълум қилди.
Гап Буюк Британия, Испания, Италия, Франция, Хорватия ва Швеция ҳақида бормоқда, деб ёзади La Razon газетаси. Биргина май ойида Францияда етти нафар бола оғир Е-11 сепсисидан вафот этган.
Умуман олганда, ЖССТ маълумотларига кўра, 2016 йилдан 2022 йилгача чақалоқлар орасида Е-11 инфекцияси билан касалланганлар сони бошқа инфекция ҳолатларига нисбатан 6,2 фоиздан 55 фоизгача ўсган.
Янги туғилган чақалоқлар орасида касалланиш ва асоратларнинг бундай ўсиши ноодатий ҳисобланади.
Экховирус — турли юқумли хасталикларни келтириб чиқарувчи, ўзида рибонуклеин кислоталар сақловчи энтеровируслар (ичак вируслари) гуруҳига мансуб.
У ичак, марказий нерв тизими, юрак ва бошқа аъзоларнинг зарарланиши билан кечадиган турли касалликларга сабаб бўлади. Энтеровируслар ташқи муҳитда узоқ вақт яшаш қобилиятини сақлайди, кислотага чидамли.