Франция Президенти Эммануэль Макроннинг қароргоҳига почта орқали кесилган одам бармоғини жўнатишди. Бу ҳақда “Valeurs Actualles” хабар берди.
Қайд этилишича, Францияда Бастилиянинг эгалланиши (14 июль) байрами арафасида Париждаги Франция Президентининг офисига хатжилд ичида кесилган бармоқ жўнатилган.
Мазкур хат Елисей саройининг ёзишмалар бўлимига 9 июлдан 10 июлгача бўлган вақт оралиғида келиб тушган.
Хавфсизлик хизмати вакилларининг хабар беришича, бармоқ солинган конверт саройдаги полиция ходимларининг овқатлари сақланадиган музлаткичга қўйилган.
Кесилган бармоқ кимга тегишлилиги зудлик билан аниқланган. Шундан сўнг муаммоли ҳолатлар бўйича тегишли тартиб ишга туширилган.
“Зудлик билан муаммоли вазиятлар бўйича тегишли тартиб жорий қилинди. Шундагина ушбу шахс ваколатли хизматлар томонидан назоратга олиниши ва тиббий текширувдан ўтказилиши мумкин эди”, дейилади нашр манбасининг хабарида.
Елисей саройи ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этишдан бош тортган.
Маълумот учун, яқин бир йил ичида Францияда иккита катта кўламдаги норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Улардан бири Президентнинг пенция ёшини ошириш тўғрисидаги ислоҳотига қарши бўлса, бошқаси яқинда мамлакатда 17 ёшли асли жазоирлик ўсмирнинг полиция томонидан отиб ўлдирилиши ортидан келиб чиқди. Айнан шу намойишлар бостирилганига бир ой ҳам бўлмаган бир пайтда Президент қароргоҳига кесилган бармоқ жўнатилди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Макроннинг вертолётига пиротехника воситасини улоқтирган шахс ушланганди.