Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи эр хотинини боғлаб қўйиб, қийнаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Маълум бўлишича, 26 ёшли аёл турмуш ўртоғидан мунтазам равишда калтак еб келган, Россияда ишловчи онаси ва акасининг олдига кетаётганида эри томонидан ушлаб олиниб, оёқ-қўли боғлаб қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати расмий муносабатни эълон қилди.
Унда айтилишича, Мазкур ҳолат Шаҳрисабз шаҳар, “Қушхона” МФЙда 2018 йилдан буён қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган 1992 йилда туғилган фуқаро Ш.М. ва 1997 йилда туғилган фуқаро Й.С.лар ўртасида ўзаро оилавий келишмовчиликлар туфайли 2020 йилда содир этилгани аниқланди. Фуқаро Й.С. (аёл) юқоридаги ҳолат бўйича илгари ички ишлар органларига мурожаат этмаган.
Шуни таъкидлаш жоизки, эр-хотин Ш.М. ва Й.С. ўртасида 2022 йил июнь ойида ҳам жанжал бўлиб, мазкур ҳолат ЖИБ Шаҳрисабз туман судида кўриб чиқилиб, суднинг 2022 йил 26 июль кунидаги қарорига асосан, аёлнинг турмуш ўртоғи Ш.М. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, жарима жазоси қўлланилган.
Ҳозирги кунда (алоҳида яшаётган) эр-хотин билан боғлиқ тарқалган видеоролик юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ТБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.