«Қазақстан Ғарыш Сапары» миллий акциядорлик жамияти охирги 15 йилда Каспий денгизининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилди. Ерни масофадан зондлаш орқали тўпланган маълумотларига кўра, Каспийнинг Қозоғистон сектори акваторияси сезиларли даражада — 7,1 фоизга қисқарган.
Юқоридаги расмларда 2008-2023 йилларда Қозоғистон чегарасида сув сатҳининг ўзгариш динамикаси келтириб ўтилган. Суратларга эътибор берилса, Атирау шаҳри яқини ва Ёйиқ дарёси дельтасида улкан янги чўл ҳосил бўлганини кўриш мумкин.
«Каспий денгизи Қозоғистон секторининг сув юзаси 2008 йилда 113 минг 866,67 квадрат километрни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 105 минг 745,23 квадрат километргача камайган. Ўн беш йил давомида турли вақтларда олинган космик тасвирлар таҳлили шуни кўрсатдики, сув сатҳининг майдони қисқарган, шу билан бирга умумий денгиз сатҳи ҳам қисқарган бўлиши мумкин, бу ҳар томонлама ўрганишларни талаб қилади. Каспий денгизи сатҳининг пасайиши ҳам экотизимга, ҳам денгиз саноатига таъсир қилувчи бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ерни масофадан зондлаш маълумотларига кўра, бу борадаги энг заиф жой Каспий денгизининг Атирау шаҳри яқинидаги Қозоғистон қисмидир», дейилади тадқиқот хулосасида.