Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб ишга жойлашаётган хорижий тил ўқитувчиларидан Б2 даражадаги сертификат талаб этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинаётган номзодлар камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши белгиланган эди.
Бироқ мазкур тартиб ҳукумат томонидан ўтган йили мактабларда хорижий тилларни ўқитиш жараёни давомийлигини таъминлаш мақсадида кечиктирилган ва 2023/2024 ўқув йилидан кучга кириши белгиланган.
Шу боис 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб янги ишга кираётган хорижий тиллар ўқитувчиларидан Б2 даражадаги сертификат талаб қилинади.
2024/2025 ўқув йилидан мактабдаги ҳар қандай чет тили фани ўқитувчиси Б2 даражадаги сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Ўз навбатида, C1 даражадаги халқаро сертификатга эга ўқитувчилар ҳам айни вақтда ойлик иш ҳақларини 50 фоизга ошириш имкониятига эга.