Ўзбекистон Олий суди 2018—2022 йиллар ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагида судларда маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларнинг кўрилиши динамикасини эълон қилди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси — транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш бўйича 2023 йилнинг уч ойида 5 709 та иш кўриб чиқилган.
Маст ҳолда транспорт бошқариш бўйича энг кўп ҳолатлар Самарқанд вилоятида қайд этилган — 900 та. Энг кам ҳолат эса Сирдарё вилоятида — 142 та. Тошкент шаҳрида маст ҳолда машина бошқариш бўйича 339 та маъмурий иш кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, бундай ҳуқуқбузарликлар сони 4 йил давомида камайиб борганини кўриш мумкин. 2019 йилда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш бўйича жами 26 814 та маъмурий иш кўриб чиқилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 23 063 тани, 2021 йилда 25 680 тани, 2022 йилда 23 960 тани ташкил этган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136-моддаси — транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши бўйича 2023 йил биринчи чорагида 1 795 та маъмурий иш кўрилган. Бу ҳуқуқбузарлик бўйича энг кўп ҳолатлар Фарғона вилоятида (488 та), энг ками эса Бухоро вилоятида (4 та) қайд этилган.