Марказий Осиё тадқиқотлар гуруҳи ўзбекистонликлар кундалик муаммоларни ҳал қилишда қайси иловалардан фойдаланиши бўйича тадқиқот ўтказди.
18 дан 54 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида ўтказилган тадқиқотга ихтисослаштирилган хизматлар, тўлов дастурлари, мессенжерлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар киритилган.
Унга кўра, харид қилиш учун фойдаланадиган хизматлар рейтингида Uzum market 72 фоиз овоз билан биринчи, Instagram 45 фоиз, Тelegram эса 44 фоиз овозлар билан иккинчи ва учинчи ўринларни банд қилган. Шунингдек, Zoodmal (43%), OLX (32%), Теxnomart (28%), Alif (28%) каби машҳур харид дастурлари ҳам рейтингдан жой олган.
Кундалик тўлов иловалари рейтингида эса Click 71 фоиз овоз билан етакчилик қилган. Payme 65 фоиз овоз билан иккинчи ўринда, Uzum bank 57 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Марказий банкнинг миллий 2.0 иловаси (53%), Халқ банкининг Халқ Мобиле иловаси (38%), Ипотека банкининг Ипотека Мобиле (38%) дастурлари мамлакатда машҳур бўлган хизматлар қаторига киритилган.