Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳрида «Aziya Invest Favorit» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни фуқароларга сотилиши юзасидан келиб чиққан низоли вазият қатнашчиларини қабул қилди.
Гап шундаки, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олиш учун тўловни амалга оширган бир гуруҳ фуқаролар бир неча бор қурилиш компанияси устидан шикоят қилишган. Аввалроқ бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари бошланмагани ҳақида айтилган эди.
Айтишларича, «Aziya Invest Favorit» МЧЖ мансабдорлари томонидан фуқароларга етказилган зарар ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, 300 миллиард сўмдан ошади. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош вазир Абдулла Арипов шикоятчиларни бирма бир тинглади ва уларнинг барча муаммолари ҳал этилиши, ҳеч ким тўловларига куйиб қолмаслигини таъкидлади:
«Мен Бош вазир сифатида сизларнинг аризаларингиз бўйича фармойиш чиқарганман. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Раматов бошчилигида комиссия тузганмиз. Ҳозир очиқлик замони, очиқча гаплашиб олайлик. Ҳеч кимни давлат «мана шу ердан уй ол» деб етаклаб борган эмас. Тадбиркор, пулни олиб қочиб кетган эмас, қамаганимиз йўқ…» деди Абдулла Арипов.
Ҳукумат раҳбари ушбу масаланинг ҳамма жиҳати қонуний ҳал қилинишини, бунинг учун ўзи Бош вазир сифатида шахсан ваъда беришини таъкидлади.
«Сизларнинг ортларингизда Президент турибди. Шунинг учун қўрқманглар, ҳаммасини бирма-бир ўтириб ҳал қиламиз. Мен сизларга уч кунда, бир ҳафтада ёки бир ойда ҳал қилиб бераман, деб айтолмайман, лекин ҳаммаси ҳал бўлади. Ёки пулларингни қайтариб олиб берамиз, ёхуд уйни қурдириб берамиз», дея таъкидлади Бош вазир Абдулла Арипов.
Аҳоли орасида мурожаатчиларнинг баъзилари янги уй учун яшаб турган хонадонини сотиб тўлов қилгани, ҳозирда кўчада қолгани ҳақида Бош вазирга маълум қилди.
«Эллик фоиз тўлов қилганлар масаласини кўриб чиқамиз. Юз фоиз тўлаганларга ҳар қандай ҳолатда ҳам уйини қурдириб берамиз. 70-80 фоиз тўлов қилганлар масаласини кўрамиз, чункии бу уйни фақат шу қурувчи қуриб беролмайди».
Ogoh.uz ушбу мавзуга яна қайтади. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.