ФВВ тизимидаги Тошкентда жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 24 яшар самарқандлик йигит вафот этди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Ургут тумани «Мингтепа» маҳалласида яшаган йигит Тошкентдаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган вақтида, яъни 27 июнь куни превмония касаллигидан вафот этган. Аммо марҳумнинг оила аъзолари бунга шубҳа билдирмоқда.
«26 июнь куни укангизнинг мазаси йўқ, ҳарбий госпиталга тушиб қолди, келмасангиз бўлмайди, деб командири телефон қилди. 24 июнь куни тушликдан кейин (укам) билан гаплашган эдик. Соғлиғидан шикоят қилмаганди. Шифокор кўкариб кетган ҳолатда келди, деяпти. Пневмония ташхиси қўйилган. Командирлари бирданига ўзидан кетиб қолди, дейишди. Ўзидан кетиш жараёни, ҳарбий госпиталга кириб бориши (акс этган) видеотасвир керак бизга. Шу билан қизиқяпмиз», — дейди марҳумнинг акаси.
Унинг айтишича, укаси ўз ажали билан вафот этмаган.
«Саломатлигидан ҳеч қандай шикоят қилмаган, шифокор кўригида турмаган, военкоматдан яхши ўтган. Укамнинг бел соҳасида шилиниб кетган жойи бор, расм ва видеога олганмиз. Ўз ажали билан ўлмаган-да. Нимадир бўлган, биздан яширишяпти. Юз соҳасида бармоқ изи бор, оғизнинг ичида йиртилиш бор. Укам ҳарбий хизматдан келганидан кейин тўйини қиламиз, деган яхши ниятларимиз бор эди. Куёвлик насиб этмади», — дейди марҳумнинг акаси.
Республика Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Ҳайитов марҳум Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганини маълум қилди.
«Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ҳаракатлари назоратга олинган», — деди Шерзод Ҳайитов.