Ҳиндистон гуруч экспортини тақиқлагани Ўзбекистон бозорига қанчалик таъсир қилади?

Ҳиндистон дон маҳсулотлари нархининг кескин ошишига йўл қўймаслик учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тақиқлаган эди. Мазкур ҳолат Ўзбекистондаги гуруч бозорига қай даражада таъсир қилиши хусусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Назиров изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштирилади. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилига 9,8 килограмдан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолисини гуруч маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси зарур.

“Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7 фоиз), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3 фоиз), Таиланддан 599 тонна (1,1 фоиз), Туркиядан 265 тонна (0,5 фоиз) ва Ҳиндистондан 126 тонна (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02 фоиз) гуруч импорти амалга оширилган.

Юқоридагиларни инобатга олсак, сўнгги 5 йилда Ҳиндистондан республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос. Жорий йилда Ҳиндистоннинг бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тўхтатиши Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатмайди”, — дейилади вазирлик ахборотида.

Маълумот учун, Ҳиндистон гуруч экспорти дунёда 1-ўринда бўлиб, умумий жаҳон экспортининг 36,8 фоизини ташкил қилади, асосий экспорт Африка давлатлари (7,1 миллион тонна), Хитой (2118 минг тонна), Эрон (1245 минг тонна), Саудия Арабистони (1012 минг тонна) ва бошқа давлатларга қилинади.