Абдуқодир Мўминовнинг очиқ судига журналистлар киритилмади

Тошкент шаҳрида журналист Абдуқодир Мўминов устидан суд жараёни бошланди.

Хабарларга кўра, журналистлар суд биносига киритилмаяпти. Уларда суд залида жой етишмаслиги ва ўринлар тўлгани важ сифатида келтирилган. Суд бошлангандан бироз ўтиб, Олий суд матбуот хизмати вакили Азиз Обидов журналистларга вазият юзасидан маълумот бериб ўтди.

Журналист интернет тармоқларида танқидий ва баҳсли чиқишлари билан машҳур бўлган. Олий суд тарқатган баёнотда айтилишича, 1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, “Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Абдуқодир Мўминовнинг иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилмоқда. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилади.

Олий суднинг хабар беришича, тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Мўминов унга номаълум кишилар томонидан руҳий ва жисмоний босим ўтказилаётгани, жумладан, ўтган йилнинг 23 декабрида уни шахсий аниқланмаган одамлар калтаклаб, машинасининг ойналарини синдириб ташлагани ҳақида маълум қилганди.

Журналист 2023 йил 8 февралда йўқолиб қолган, кейинроқ унинг уйида тинтув ўтказилган ва бир неча кундан кейин унинг Ички ишлар идоралари томонидан қўлга олингани, Жиноят кодексининг бир неча моддаларида кўзда тутилган жиноятларда гумон қилинаётгани ҳақида расмий маълумот тарқатилганди.