2023 йил биринчи ярмида 9340 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция ҳолати бўйича расмий статистик маълумотларига таяниб, “Asia-Plus” хабар берди.
Ушбу давр мобайнида 205 мингдан ортиқ хорижлик Россия фуқаролигини олган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 38,2 минг кишига камайган.
Статистикага кўра, Россия фуқаролигини олишда Тожикистон фуқаролари етакчилик қилмоқда — 87 минг, иккинчи ўринда Украина фуқаролари – 39 минг, Арманистон эса учинчи ўринда – деярли 18 минг.
Кейинги ўринлардан Қозоғистон (13 876) ва Қирғизистон (10 500) жой олган. Ўзбекистонликлар эса Россия паспортини олиш бўйича олтинчи энг катта кўрсаткични қайд этган.