Британиянинг Daily Mail нашри Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиш хавфи юқори бўлган давлатлар рўйхатини тузди, улар қаторидан Ўзбекистон ҳам ўрин олди.
Нашр шу орқали британияликларни касаллик юқиши мумкин бўлган давлатлардан огоҳлантирди. Марказий Осиё давлатлари орасида рўйхатда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси (ҚКГИ) арбовирус қўзғатадиган, иситмалаш, геморрагик аломатлар билан кечадиган, табиий шароитда трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касаллик.
Ундан ўлим даражаси 10-40 фоизни ташкил қилади. Хавфли вирус одам танасига кана чақиши ёки касалланган ҳайвон ҳамда одамларнинг очиқ яраси билан алоқа қилиш орқали киради.
“Касалликнинг биринчи ҳолати 2008 йилда Грецияда қайд этилган, 2016 йилдан Испанияда, 2009 йилдан Грузияда, 2011 йилдан Ҳиндистонда кузатилган”
Касалликдан ҳимояланиш бўйича 5 та маслаҳат
Кана билан алоқа қилишдан сақланинг: инфекцияланган кана чақиши орқали касаллик узатилади. Шунинг учун кана тез-тез учрайдиган жойларда эҳтиёт чораларини кўриш керак.
Очиқ ҳавода бўлганингиздан кейин кийимингизни текширинг: киймингиздан кана топилса, уни махсус пинсетлар ёки бошқа воситалар ёрдамида имкон қадар тезроқ олиб ташлаш керак.
Инфекцияланган ҳайвонлар ва уларнинг қони билан алоқа қилишдан сақланинг: вирус ҳайвонларнинг тўқималари билан алоқа қилиш орқали юқиши мумкин. Шу сабабли касал ҳайвонлар билан алоқа қилишдан қочиш керак. Гигиена чораларига риоя қилинг: Қўлингизни мунтазам равишда совун билан ювиш инфекция тарқалишининг олдини олиш учун муҳим қадамдир.
Симптомлардан огоҳ бўлинг: иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, кўнгил айниши, қусиш ва қон кетиши каби белгилар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Касалликни эрта аниқлаш ва даволаш соғайиш имкониятини сезиларли даражада оширади.