Ҳиндистонда эр-хотин iPhone 14 смартфонини харид қилиш учун саккиз ойлик чақалоғини сотиб юборди. Бу ҳақда “Dailyo” хабар берди.
Айтилишича, Сати ва Жадев исмли фуқаролар қашшоқликда яшаган ва ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган. Бир неча ой олдин уларнинг қўшнилари бу эр-хотиннинг ўғли ғойиб бўлганини пайқаб қолган. Бу воқеа оилада iPhone 14 смартфони пайдо бўлган пайтга тўғри келгани уларни шубҳалантирган.
Шундан сўнг, қўшнилар полицияга мурожаат қилган. Олиб борилган терговда она боласини гаджет сотиб олиш, штат бўйлаб саёҳат қилиш ва Instagram саҳифаси учун контент яратиш учун сотганини тан олган.
Маълум бўлишича, эр-хотин етти ёшли қизини ҳам сотишни режалаштирган. Аёлнинг эри эса ҳозирда қидирувга берилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари саккиз ойлик чақалоқнинг харидорини ҳам қўлга олган.