Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов йиғилишида ундан адолат талаб қилиб, ўзига нисбатан ноҳақлик бўлганини айтган мактаб директори йиғилишдан олиб чиқиб кетилиб, қамоққа олингани маълум бўлди. Бу ҳақда жамоатчиликка хабар берган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўқитувчини қамоқдан чиқарганини, иш унинг назоратида эканини очиқлади.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратимга олдим. Мактаб директори айни дамда маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди. Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман, — дейди вазир.
Тармоқларда тарқалган видеода Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги мактаб директори Умида Турсунова билан тортишгани акс этган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбар Муродбек Давлатовнинг билдиришича, тортишув 26 июль куни Сариосиё туманидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.
Вилоят ҳокими Умида Турсуновага лавозимидан олинганини айтгач, директор “менинг нима айбим бор” деб сўрайди. “Эплолмаганинг учун, бутун дунёга шарманда қилганинг учун”, дея жавоб берган вилоят ҳокими.
У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? “Муҳитни буздинг”, дейсиз, нима муҳит бузилган у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзганимизга индамайлик деб… Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, буларнинг ҳаммасининг тили бир, — дейди Умида Турсунова вилоят ҳокимининг даккиси ноўрин эканини таъкидлар экан.
Воқеа давомида мактаб директори “Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритилиши керак. ‘Йўқот, йўқот, йўқот’ Нима қиляпман мен? Сенлар мактабда хоҳлаган ишингни қилдинг, ҳеч ким ҳеч нарса қилмади-ку?! Менга чора кўриладими? Нимага ташқарига чиқаман? Мана шу ерда туриб охиригача эшитаман, президентга айтадиган гапим бор. От мени, Ўзбекистон олдига олиб чиқиб отиб ташласин”, — дейди. Шундан сўнг директор ички ишлар органи ходимлари томонидан мажлислар залидан олиб чиқиб кетилган.
Мажлислар залини тарк этаётган Умида Турсунова вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга қарата “Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига”, дейди.