Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан илк бор Мисрдан диний экстремистик ташкилотларда иштирок этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган ўзбекистонликни экстрадиция қилди.
Қайд этилишича, мазкур шахс ислом университетида таҳсил олиш мақсадида Мисрга борган ва яширин йиғилишларда қатнаша бошлаган. Кейинчалик эса диний экстремистик оқимга аъзо бўлган. У ерда ўз тарафдорларини кўпайтириш мақсадида фундаментализм ғояларини тарғиб этиб, ислом динига қизиқувчи ва Қоҳирага ўқиш учун келганлар орасида тарғибот ишларини олиб борган. Шу боис унга нисбатан айб эълон қилиниб, у халқаро қидирувга берилди.
Келиб тушган маълумотларга кўра, жиноятчи Мисрда яширинган ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўлга олинган.
Интерполнинг Тошкент ва Қоҳирадаги Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари билан жиноятчи Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди ва эндиликда у содир этган жинояти учун жавоб беришига тўғри келади.