ДХХ Тожикистондан олиб кирилган 8,3 кг “опий” гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Ургут туманида яшовчи, 1978 ва 1986 йилларда туғилган опа-сингил 911 гр “опий” моддасини 12 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, “опий” моддасини мазкур туманда яшовчи 2 нафар шахсдан олганликлари аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган.

Бундан ташқари ушбу шахсларнинг яшаш хонадонларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати вақтида, улардан бирининг уйидан 228 гр “опий” ва иккинчисининг уйидан эса 7 кг 187 гр “опий” моддаси холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Аниқланишича, тезкор тадбир давомида олинган жами 8 кг 326 гр. “опий” моддаси Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Мазкур 4 нафар фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.