Фарғонада оҳак ишлаб чиқариш цехида табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши натижасида тизимга 1 миллиард сўмликдан зиёд зарар келтирилгани аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Бош прокуратура ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида Данғара туманида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Ўрганиш давомида фуқаро Т.А. ўзига қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехининг 1 дона оҳак хумдонида 18 та ностандарт газ ёндиргичлар орқали ўша ҳудуддан ўтувчи ер ости газ қувурига уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.
Мазкур ноқонуний ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 1 миллиард 54 миллион сўмликни ташкил қилган.
“Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди”, — дейилади хабарда.
Оҳак цехларининг ноқонуний фаолияти
Бир неча кун олдин Фарғонада оҳак цехини умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 168,5 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани шахс аниқланган эди.