Ўзбекистонда педагоглардан педагоглар битирувчилар бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни талаб қилиш тақиқланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга маъқуллаш учун юборилганди. Депутат Ғайрат Абдиев мазкур қонун билан қандай нормалар белгиланаётгани ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, улар фаолиятининг асосий кафолатлари, уларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланмоқда. Жумладан, илмий даража ёки илмий унвонга эга педагогларнинг иш ҳақларига ҳар ойлик устама тўланиши қонун билан мустаҳкамланяпти.

Бундан ташқари, давлат умумий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар, бирламчи ўқув-методик материаллар ва ўқув қуроллари билан бепул таъминланиши кафолатланмоқда.

Муҳими, педагог ўз шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида муайян мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати устидан судга мурожаат қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод этиладиган бўлмоқда, — дейди депутат.
Мазкур қонунда педагогларнинг касбий фаолиятини амалга оширишини таъминлаш борасида бир қатор нормалар ҳам белгиланмоқда. Хусусан:

педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек, педагогнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан, аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчилар бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришни ва тақдим этишни талаб қилиш;
педагогни куз-қиш даврида ва байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш;
педагог зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги назарда тутиляпти.