Самарқандда 49 кишининг заҳарланганлиги ҳолати бўйича расмий баёнот берилди



Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга таяниб, Самарқандда қарийб 50 киши хот-догдан заҳарлангани тўғрисида хабар берган эдик.

Санитария-эпидемиология қўмитаси мазкур хабарлар юзасидан расмий маълумот берди. Унга кўра, жорий йилнинг 14-15 август кунлари Самарқанд шаҳри, Рудакий кўчасида жойлашган фаст-фуд таомларини тайёрлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган “Бир зумда” номли савдо шохобчасида тайёрланган “Ҳот-дог”дан 49 нафар фуқаро заҳарланиб “овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасига ётқизилган.

Жорий йилнинг 21 август ҳолатига кўра, шифохонада даволанишда бўлган беморларнинг барчасига амалга оширилган тиббий муолажалардан сўнг аҳволи яхшиланганлиги сабабли уйларига жавоб берилган.