Трамп қамоқхонадаги сурати туширилган сувенирлардан миллионлаб доллар ишлаб олди

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп тарафдорлари сиёсатчининг қамоқхонадаги сурати туширилган футболкани совға сифатида олиш учун унинг сайловолди кампаниясига 7 млн доллардан ортиқ маблағ хайрия қилди.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Жоржия штатидаги Фултон округи қамоқхонасида 2020 йилги президентлик сайловлари жараёнини ўзгартиришга уриниш бўйича иш доирасида полиция картотекаси учун олинган суратидан муваффақиятли фойдаланмоқда. 27 август, якшанба куни Германиянинг АРД жамоат телеканалининг Тагессчау ахборот дастури сайтида хабар қилинишича, 24 август оқшомидан бошлаб республикачининг янги президентлик кампанияси учун хайрия йиғувчи жамғарма Оқ уй собиқ раҳбарининг ушбу сурати туширилган реклама футболкалари, стикерлар, кўзойнаклар ва бошқа сувенирлардан 7,1 млн доллар йиғишга муваффақ бўлди.

Жамғарма веб-сайтида Трампнинг сайловолди кампаниясига (бу — уни Қўшма Штатларнинг 47-президентига айлантириши мумкин) камида 47 доллар хайрия қилишга тайёр бўлган ҳар бир киши собиқ давлат раҳбарининг қамоқхонадаги сурати (магшот) туширилган футболкани совға сифатида олди.

Республикачиларнинг Трампни қўллаб-қувватлаши

Трамп матбуот котиби Стивен Чуннинг сўзларига кўра, фақат 25 август куни ушбу буюмларни сотиш орқали рекорд даражадаги 4,18 млн доллар хайрия маблағи йиғилган. Трампнинг қамоқхонадаги сурати остидаги ёзув унинг жорий сайлов кампанияси шиорига айланди: «Ҳеч қачон таслим бўлма!». Сурат, шунингдек, Трамп томонидан молиялаштириладиган Трутҳ Соcиал ижтимоий тармоғида «Сайловга аралашув» ёрлиғи билан жойлаштирилди.

Яқинда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Республикачилар тарафдорларининг қарийб 62 фоизи Доналд Трампни ўз партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, август ойи ўрталарида бўлиб ўтган теледебат чоғида АҚШдаги президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан номзод бўлган саккиз нафар номзоддан олти нафари, агар айбдор деб топилса, қайси бири Трампни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволга ижобий жавоб қайтарди.