Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик. Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан фикр билдирди.
Депутатнинг ёзишича, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор салбий изоҳлар янграган. Шунга қарамай, Қодиров никоҳдан ўтиш, жамоат жойларида кийиниш тартиби юзасидан киритилаётган чекловлар жамиятнинг қадрли мезонларини ҳимоя қилишига умид билдирган. Жумладан, у янги жорий этилаётган жамоат жойларида юзни ёпиб юришни тақиқлашга оид тартиб юзасидан тушунтириш берган.
«Оила, аёл, аврат, никоҳ, фарзанд… ҳаммамиз учун, жуда қадрли мезонлар! Бугунги аҳволимизга қаранг! Ким қадрли мезонларимизни хавф факторларига айлантириб юборяпти!? Масалан, динимизда аёл кишининг юзи аврат эмас, лекин эътиқодни ниқоб қилиб, юзини тамоман ёпиб олган «мақсади номаълум», бурқа кийиб олган эркаклар қўлга тушди, улар кимлар ва мақсадлари нима?! Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр, Яратган юзни аврат қилмадику? Жамият, қолаверса яқинларимизни хавфсизлиги учун бунга эътибор бермаслик мумкинми?», дейди депутат.
Шунингдек, Қодиров қонуний тартибда никоҳ қайд этилмай туриб, никоҳдан ўтишга оид диний маросимларни ўтказишга қўйилаётган чеклов бўйича ҳам тўхталган.
«Никоҳ биринчи навбатда мажбурият! Никоҳ ўқитиб олиб, учта-тўртталаб фарзандни кўчага ташлаб кетаётган «эркак»лар кўпайиб кетди, бу статистика! Давлатга кўринмайдиган, қонунга асосан ёрдам бериш мумкин бўлмаган беҳужжат аёллар, болалар кескин ортиб кетди, бу кетишда нима бўлади?! Никоҳ, оила, фарзанд шунчалар беқадр бўлдими? Никоҳ тақиқланмади, уни мустаҳкамлаш учун тартибга солинаяпти: аввал рўйхатдан ўт, давлат ҳар бир фуқаронинг ҳисобини билиши керак!
Реклама биринчи бўлиб қорни очга таъсир қилганидек, битта оилани эплаш қўлидан келмаган ‘қаҳрамонлар’, динимизда белгиланган аниқ ва жуда оғир шартлар ва мажбуриятларга қарамай, бир калла қанд билан никоҳ ўқитиб олиб, ‘ғўдайиб’ алиментдан қочиб юришибди! Бу никоҳга иснод, аёлни хўрлаш эмасми!? Фаросат ва диний билими борлар тушунадиган чекловни тақиқ деб бақираётганлар айнан шу ‘ғўдайганлар’ бўлиб чиқса, ҳайрон бўлмайман», дея таъкидлайди у.