Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди

Муҳтарам отахон ва онахонлар! Азиз опа-сингиллар! Қадрли ёшлар! Ҳурматли юртдошлар!

Сизларга яхши маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ўзгариш ва ислоҳотлар натижасида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ва кенг жамоатчиликнинг умумий иши, муҳим вазифасига айланди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари барча зарур куч ва воситалар билан етарли даражада таъминланиб, ваколатлари кенгайтирилди, самарали ишлаши учун уларга барча шароитлар яратиб берилди.

Хабарингиз бор, 2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “маҳаллабай ишлаш” тизими татбиқ этилган эди. Унга кўра, ҳар бир маҳаллага алоҳида ёндашган ҳолда, манзилли иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Жорий йилдан эса “маҳалла бешлиги” – “маҳалла еттилиги”га айлантирилиб, унинг фаолиятига аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган “жиноятларнинг ижтимоий профилактикасини амалга оширишга” таянадиган янгича ишлаш тизими жорий қилинди.

Энг асосийси, содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари бевосита аҳоли иштирокида жойларда муҳокама қилинадиган, жамоат хавфсизлиги учун масъуллар бевосита маҳалланинг ўзида ҳисобот берадиган бўлди.

Шу йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятни самарали ташкил этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мувофиқлаштирувчи йиғилишлари ўтказилиб, мазкур йўналишда ҳар бир ҳудуддаги криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда манзилли чора-тадбирлар белгиланди.

Жиноятчиликка қарши кураш ҳолатини ўрганиш бўйича 4,5 мингга яқин текширишлар ўтказилиб, прокурор назорати билан боғлиқ 6,5 мингдан ортиқ ҳужжатлар қўлланилди.

Амалга оширилган чоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда олиб борилган тизимли профилактик тадбирлар натижасида ўтган даврда 4 мингдан зиёд маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Албатта, фаолиятимиздаги бундай ютуқлар ўзимизники. Айни пайтда ҳуқуқбузарликларни жиловлаш борасида олдимизда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли ҳолатлар кўп эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Ҳаётимизнинг барча соҳаларида инсон қадри улуғланаётган ҳозирги тарихий шароитда бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида прокуратура органлари ходимларининг зиммасидаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бораётганини биз – тизим ходимлари чуқур ҳис этмоқдамиз.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг айтган фикрларига мувофиқ фаолиятимизда мавжуд муаммоларга ечим топиш, аҳоли учун хавфсиз шароитларни яратиш борасидаги ишларни жадаллаштириш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Президентимиз берган кўрсатмалардан келиб чиқиб, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан бошқа идоралар билан ҳамкорликда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “йўл хариталари” ва дастурларда белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси устидан қатъий тизимли назорат амалга оширилади.

Айниқса, Президентимиз томонидан тасдиқланган Жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган мақсад ва вазифаларни мамлакатимиздаги ҳар бир вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллани “жиноятдан холи ҳудудга айлантириш” ғояси асосида тўлиқ амалга ошириш бўйича бор куч ва имкониятларимизни йўналтирамиз. Бунда содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омиллари юзасидан тизимли ва илмий таҳлиллар ўтказиш йўлга қўйилади, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилади.

Иккинчидан, таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 45 фоиздан ортиғи бевосита маҳаллаларда содир этилган.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 1,7 мингга яқин маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш – кечиктириб бўлмайдиган вазифамиздир. Шу боис, ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимдан иборат бўлган “маҳалла еттилиги”нинг фаолият самарадорлигини ошириш чораларини кўрамиз. Айниқса, уларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги билим, кўникма ва маҳорати ҳамда энг асосийси, фаолият самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда бошқа олий таълим муассасалари билан биргаликда Бош прокуратуранинг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг малакали ходимлари ва профессор-ўқитувчиларини кенг жалб этган ҳолда сайёр малака ошириш йиғинлари ташкил этилади, “маҳалла еттилиги”нинг аҳоли орасида осойишталикни манзилли таъминлашга қаратилган фаолиятига ҳар томонлама методик кўмак берилади.

Ҳозирги вақтда оғир ва ўта оғир жиноятлар нисбатан кўпроқ содир этилган 716 маҳаллага Бош прокуратура ва вилоят прокуратураларининг раҳбар ходимлари бириктирилиб, вазиятни ўнглаш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Албатта, йил якунига қадар маҳаллаларда тинчликни таъминлаш борасидаги барча ишлар мувофиқлаштириб борилади ва криминоген вазиятни яхшилашга эришилади.

Учинчидан, ёшлар тарбиясида оиланинг, ота-оналарнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда таълим муассасаларида, маҳаллаларда ота-оналар ва ёшлар иштирокида манзилли профилактик тадбирлар ўтказилади.

Мактабни нафақат таълим, айни вақтда болаларимиз онгига одоб-ахлоқ, тартиб-интизом ва қонун-қоида асосларини сингдирадиган даргоҳга айлантира олсак, ёш авлодимизда жиноятчиликка қарши иммунитет ўқувчилик давридан бошлаб шаклланади.

Жиноятга билиб-билмай қўл урган вояга етмаганларнинг аксарияти мактаб ўқувчилари экани барчамизни ташвишлантириши, ҳушёрликка чорлаши ва бепарволик кайфиятидан чиқишга ундаши лозим. Акс ҳолда, ўсмир ёшлар ўртасидаги жиноятларни жиловлаш мураккаблашади. Болалар – келажагимиз. Уларнинг нотўғри йўлларга кириб кетишига жим қараб туриш – бу келажагимизга нисбатан хиёнатдир!

Шу нуқтаи назардан, келгусида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнаши таъминланиши, сабабсиз дарс қолдирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан манзилли профилактик тадбирлар ўтказилиши қатъий назоратга олинади. Таълим-тарбия жараёни сифатини оширишга, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга доир тадбирлар янада жадаллаштирилади.

“Жиноят қилиб, келажагингни барбод этма!” шиори остида ўсмир ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида тизим яратилади.

Бу борада биз катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ҳурматли нуронийларимиз, оқила опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимиз, маҳалла фаолларига таянамиз.

Тўртинчидан, муайян тармоқ ва соҳаларга масъул бўлган идора ва ташкилотлар раҳбарлари ўз тизимида жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятида бевосита иштирок этиши ғоят муҳим ҳисобланади. Уларнинг иштироки жиноятларнинг сабаб ва омилларини бартараф этиш имкониятларини янада кенгайтириб, ўз соҳасида жиноятчиликни камайтириш, уни “коррупциясиз соҳага” айлантиришни жадаллаштиради.

Шу боис, идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ўз фаолият йўналишида содир этилаётган жиноятларни чуқур ўрганиб, уларга чек қўйиш масалалари ҳам республика даражасида, ҳам жойига чиққан ҳолда муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бу жараёнлар устидан қатъий назорат ўрнатилиб, содир этилаётган жиноятлар, айниқса, коррупция ҳолатларига барҳам бериш бўйича комплекс таҳлилий ва амалий ишлар тизимли равишда олиб борилади.

Бешинчидан, бугунги шиддатли ахборот замонида жиноятчиликнинг янги турлари, жумладан, кибержиноятчилик кўпаймоқда. Сўнгги уч йилда бундай жиноятлар қарийб 25 баробар ошган, фуқароларнинг катта миқдордаги пуллари онлайн тарзда ўғирланган.

Бундай жиноятларнинг олдини олиш учун профилактик чора-тадбирлар билан бир қаторда уларни фош этиш бўйича қатор ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида айнан шу йўналишда ўқитиладиган ҳамда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган махсус кафедра, илмий-услубий марказ ва ўқув лабораторияси ташкил этилди. Қисқа муддатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кўплаб ходимлари ўқитилди.

Келгусида бундай тадбирларни янада кучайтириб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларни бартараф этиш, фуқароларимизни кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мазкур соҳага замонавий дастурий-техник ечимларни ва янгича иш усулларини жорий этиш бўйича комплекс чоралар кўрилади.

Олтинчидан, жиноятчиликка қарши курашиш самараси жиноят учун жазо муқаррарлигига бевосита боғлиқ. Шу боис, турли яширин жиноий фаолиятларни фош этиш ҳамда жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини қўллаш жараёни жадаллаштирилади. Бунда барча саъй-ҳаракатларимиз янги самарали механизмларни татбиқ этишга қаратилади.

Айниқса, назорати бевосита прокуратура органларига юклатилган ер ҳамда энергия ресурсларини талон-торож этиш, мансабни суиистеъмол қилиш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фош қилишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилади.

Шу билан бирга, иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларига қарши курашиш, “хуфёна иқтисодиёт”ни шакллантиришнинг турли схема ва каналларини аниқлаш борасидаги ишлар жадаллаштирилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш таъминланади.

Еттинчидан, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш йўли билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Бу борада фуқароларнинг шахсий ва оилавий сири, турар жой ва мол-мулки дахлсизлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади.

Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя қиладиган, юксак маънавий, психологик сифатларга, таҳлилий фикрлаш қобилияти ҳамда юқори касб кўникмаларига эга бўлган терговчилар корпусини шакллантириш диққатимиз марказида бўлади.

Саккизинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга доир фаолияти мувофиқлаштириб борилади. Аҳолимизнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан прокурор назорати кучайтирилиб, улар бартараф этилади.

Шу мақсадда прокурорлар раҳбарлигидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг мувофиқлаштирувчи кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш бўйича тарғибот ишлари жадаллаштирилади.

Муҳтарам юртдошлар!

Албатта, мамлакатимизда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда биз – прокуратура соҳаси ходимлари аввало сизлар билан бевосита ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Агарда ҳар бир фуқаро Президентимиз айтганидек, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, деган туйғу билан яшаса, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, кўзланган мақсадга албатта эришамиз.

Шу муносабат билан бу борадаги фаолиятимизда халқимиздан бизга ҳар томонлама таянч ва суянч бўлишини сўраб қоламиз. Қонунбузарликларга қарши барчамиз биргаликда кураш олиб борсак, маҳаллаларимиз янада тинч ва обод бўлади.

Фуқароларимиздан ўз тақдирига, ҳаёти ва соғлиғига бепарво бўлмасликни, турли фирибгарларнинг найрангига учмасдан, ўз мулкини асраш чораларини кўришини сўраб қоламиз.

Қонунларда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, мол-мулкига дахл қилмаслик ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур.

Прокуратура органлари, тизимдаги ҳар бир ходим эса зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг барча чораларини кўради.

Ҳурматли юртдошлар, мамлакатимизда қонунни ҳурмат қилиш ва унинг устуворлигини таъминлаш муҳитини биргаликда яратайлик!

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори