Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарди.
Ушбу қарор 2023 йилнинг 25 август куни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев томонидан имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжат «Э-қарор» электрон тизимига жойлаштирилган.
«Қарши шаҳар ҳокимлигининг 2023 йилдаги захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан шаҳар ҳокимлигига фаолият самарадорлиги кўрсатгичига кўра вилоят миқёсида «Энг ташаббускор сектор» дея эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш харажатларига 75 миллион сўм маблағ ажратилсин», – дейилади қарорда.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 536-сонли қарори билан тасдиқланган. Низомга асосан «Энг намунали сектор» ва «Энг ташаббускор сектор»ни аниқлаш ҳамда ғолиб бўлган секторларни моддий рағбатлантириш тартиби белгиланган.
Мазкур тартибга кўра, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 1 мартдаги йиғилиш баёнига асосан 2022 йил якуни бўйича самарадорлиги юқори баҳоланган сектор раҳбарлари орасида Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари вилоятда энг юқори кўрсаткичга эга секторлар учлигига киритилиб, «Энг ташаббускор сектор», деб эътироф этилган.