Мексика ҳукумати Конгрессдаги жамоатчилик муҳокамаси чоғида иккита ўзга сайёралик жасадини намойиш этди. Бу ҳақда “Lad Bible” хабар берди.
Ўзга сайёраликлар деб тахмин қилинган жасадларни уфолог (номаълум учар жисмлар тадқиқотчиси) Хайме Мауссан оммага тақдим этган. У ўз нутқида бу икки ашё Перудаги археологик қазишмалар пайтида топилганини айтган. Бу қолдиқларнинг ёши тахминан 1000 йил ҳисобланади. Бундан ташқари, мутахассис қолдиқларни таҳлил қилиш ердаги эволюция элементлари билан номувофиқликни кўрсатганини таъкидлаган.
«Улар конлардан топилган, диатом сувўтлари билан ўралган ва кейинчалик тошга айланган», дейди уфолог.
Хайме Мауссан қолдиқларнинг 30 фоизга яқин ДНКсини очишнинг имкони бўлмаганини қўшимча қилган. Шунингдек, у ўзга сайёраликларнинг ҳар бир қўлида учта бармоқ борлигини таъкидлаган.
«Биз коинотда ёлғиз эмасмиз, бу ҳақиқатни англаб этишимиз керак», дейди мутахассис.