Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгаши тузиш таклифи билан чиқди

Кеча, 14 сентябр куни Тожикистон пойтахти Душанбеда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Маслаҳатлашув учрашувига йиғилган Марказий Осиё давлат раҳбарларини ўзаро иқтисодий кенгаш ташкил этишга чақирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон давлат раҳбари савдо-иқтисодий кун тартибининг барча йўналишлари бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарур эканлигини таъкидлаган. Бундай кенг ҳамкорлик учун эса, албатта, профессионал ишловчи иқтисодий кенгаш керак.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида ифода этган қарашлар ва мақсадлар Марказий Осиёда барқарорлик йўлида фаол ташқи сиёсат олиб бораётган барча қўшни республикалар иш режасига айни мос тушиши эътироф этилмоқда. Зеро, барқарор Марказий Осиё бўлиши учун барқарор иқтисодий асослар керак.

«Бизнинг учрашувларимиз ва эришган келишувларимизни амалда жорий этиш самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, кун тартибидаги савдо-иқтисодий масалаларнинг бутун комплекси бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қиламиз», дейди давлат раҳбари.