Тошкентда 13 сентябрь куни “Дунё бўйлаб” телеканалининг 31 ёшли бошловчиси Рамина Ягафарова вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Марҳуманинг синглиси ҳодиса ҳақида айтиб берди.
Унинг билдиришича, Рамина Ягафарова 12 сентябрь куни тунда Чилонзор туманидаги хусусий клиникалардан бирида даволанаётган онасини кўриш учун борган.
Кечки пайт у ҳақиқатан ҳам “Левофлоксацин” (антибиотик) дорисидан ичган. Шундан сўнг у ўзини ёмон ҳис қилган. 15-20 минутдан сўнг шифокорлар унга ёрдам берди. У ўзига келди. Шифокорлар юрак уриши, қон босими нормада эканини айтди, — дейди синглиси.
Марҳума дори қабул қилганидан сўнг унда тутқаноқ кузатилгани ҳақида айтилган. Бироқ синглиси буни инкор этди. Шунингдек, опаси ушбу дорини илк марта ичмаганини, аввал ҳам ичганини, ҳатто ўзи ҳам у билан бирга ичганини таъкидлади ва вафотига антибиотик сабаб эмаслигини айтмоқда.
Марҳумани қабул қилган шифокор ҳам Рамина Ягафарова ушбу дорини икки йил аввал қабул қилганини, лекин ножўя таъсир сезмаганини билдирганини айтмоқда.
“Баъзан шундай бўладики, биринчи марта қабулда дори аллергик таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Аммо қайта қўлланганда анафилактик шок чақириши мумкин. Яқинларининг айтишича, аёл дорини энергетик билан қабул қилган, балки шу ҳам ушбу нохуш ҳолатга сабаб бўлгандир”, — дейди шифокор.