Кеча, 15 сентябрь куни Тошкент шаҳар судининг “Dok-1 Maks” иши бўйича бошланган суд мажлиси давом этди. Суд жараёни судья Мусо Юсупов раислигида бўлиб ўтди.
Бу галги мажлисда дастлаб судланувчи А.Ж.нинг кўрсатмалари эшитилди. У Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси Фармакопия қўмитасида етакчи мутахассис лавозимда ишлаган.
Бошқа судланувчи ва адвокатлар у билан “Dok-1 Maks” ва бошқа дори воситаларига оид норматив ҳужжатларнинг ўрганилиши, сўнгра гувоҳнома муддатининг янгиланиши ёки узайтирилиши масаласини ҳал қилиш учун кенгашга тақдим этилиши бўйича савол-жавоб қилишди.
Сўнгра Ҳиндистон Республикасининг дори воситаларини ишлаб чиқарувчи ва хорижий мамлакатларга етказиб берувчи компанияси вакили саналган судланувчи судья ҳамда адвокатларнинг қўшимча саволларига жавоб қайтарди.
Унинг таъкидлашича, дори воситалари таркибига “этилен гликол” ва бошқа шу каби моддаларнинг аралаштирилиши аянчли оқибатларга олиб келиши ва бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра жиноятни юзага келтиришини билмаган.
Судланувчи Ш.Ш эса ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга иқрор эмаслигини билдириб, бир нечта далиллар келтирди. Хусусан, у дори воситаларининг гувоҳнома муддати янгиланган ёки узайтирилганидан 3 ой ўтгач – 2022 йил июнь ойида рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Яъни у ваколатли лавозимда ишламаганлигини билдирди.
Шу билан бирга, судланувчи С.С ва Г.Элар судга қўшимча далилларни тақдим этишди.
Суд мажлиси келаси ҳафта ўз ишини давом эттиради.