Эрон ҳукумати курд қизи Маҳса Амини вафотининг бир йиллиги муносабати билан мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишларида 260 дан ортиқ одамни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Shargh” газетаси маҳаллий хавфсизлик органларига таяниб хабар берди.
Ҳибсга олишлар жорий йилнинг 16 сентябрь куни 24 соат ичида амалга оширилган. Хавфсизлик органлари уларни жамоат хавфсизлигини бузиш, норозилик намойишига чақириш ёки қурол сақлашда айблаган.
Маҳса Амини ўлимининг бир йиллиги олдидан Эрон ҳукумати норозилик намойишларининг олдини олиш учун хавфсизлик чораларини кучайтирди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, Эрон ғарбидаги Секкез шаҳридаги қизнинг оиласи уйи яқинида кўплаб полиция ходимлари жойлаштирилган. Маҳсанинг отаси Амжад Амини 16 сентябрь оқшомида қизи хотирасига мотам эълон қилган.
Эрон матбуотига кўра, ўшанда қизнинг отаси полиция бўлимига чақирилиб, огоҳлантириш олган, бироқ кейин қўйиб юборилган.
15 сентябрь куни Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия намойишларни бостиргани учун Эронга қарши янги санкциялар жорий қилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатларни “ноқонуний ва дипломатик эмас” деб атаган.