Ўзбекистон элчиси Малайзиядаги дипломатик миссиясини якунлаяпти

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усманов ўзининг дипломатик миссиясини якунлаяпти.  Бу ҳақда “Дунё” Ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Малайзия ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан  Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов билан учрашув ташкил этилган. Учрашувда Малайзия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатида кўришини ва Тошкент билан ҳамкорликнинг барча жабҳаларини яна-да кенгайтириш тарафдори экани қайд этилган.

Суҳбат чоғида юқори ва олий даражадаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ўзаро алоқаларни диверсификация қилиш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Малайзия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Муҳаммад бин Аламин элчига сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни жадал суръатларда ривожланишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

Томонлар юқоридаги йўналишларда ҳамкорликни яна-да кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилиш мақсадида дипломатик алоқаларни давом эттиришга келишган.

Маълумот учун, Равшан Усманов 2018 йилдан буён Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасини бошқариб келмоқда. Унга қадар дипломат Ўзбекистоннининг Франсиядаги элчиси, шунингдек, Италия ва Португалиядаги ўриндошлик асосидаги элчи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Илгари Равшан Усманов  ТИВнинг Европа давлатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бўйича бошқармасини бошқарган.