Парламент қуйи палатаси муҳокамасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасига кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати бериляпти.
Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади. Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилади.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги Олий Мажлиснинг Сенат ҳамда Қонунчилик палатаси тўғрисидаги конституциявий қонунларига кўра, Парламентнинг ҳар икки палатаси Президентнинг Конституциявий суд билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида қуйидаги ҳолларда тарқатиб юборилиши мумкин:
- ҳар икки палата таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёки улар бир неча марта Конституцияга зид қарорлар қабул қилган тақдирда;
- иккала палата ўртасида Олий Мажлиснинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда.
Шунингдек, амалдаги тартибда Сенат тарқатиб юборилган тақдирда уч ой мобайнида унинг янги таркиби шакллантирилади. Қуйи палатага янги сайловлар ҳам уч ой мобайнида ўтказилиши керак.