18 сентябрь куни UzAuto Motors Ўзбекистонда Chevrolet Cobalt, Lacetti, Damas ва Labo автомобилларини харид қилиш бўйича шартномалар беришни қайта очди.
Автомобиль ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали «барча мавжуд рангдаги автомобилларнинг қўшимча партиясини ишлаб чиқариш ва сотиш имконияти ўрганилганини» айтди.
Атиги икки соат ичида автомобиль етказиб бериш бўйича 28 мингдан ортиқ шартнома тузилди ва савдо фақат автосалонларда амалга оширилди, яъни бу сафар харидорлар онлайн тарзда шартнома тузиш имконига эга бўлмади. Натижада дилерлик шохобчаларида яна узун навбатлар юзага келди.
Autostrada.uz нашрининг қайд этишича, мазкур тартиб автосалонларнинг айрим ходимлари учун шартномаларни харидорлар иштирокида ёки олдиндан тайёрланган рўйхатлар асосида эмас, балки коррупцион схемалар ва суиистеъмолликларга йўл очади.
Компания матбуот хизмати ушбу қарорни олибсотарларга қарши курашиш билан изоҳлади.
«Шартнома тузиш учун мавжуд бўлган автомобиллар ҳажми, шунингдек, бир киши учун оммавий онлайн шартномалар тузиш бўйича олдинги тажрибани инобатга олган ҳолда, шартномани фақат харидорнинг шахсий иштирокида тузишга қарор қилинди. Бу қарор автомобилларни қайта сотиш учун эмас, балки ҳақиқий истеъмолчиларга тақдим этиш имкониятини ошириш мақсадида қабул қилинди», — таъкидлади UzAuto Motors.
Август ойи бошида ҳам UzAuto Motors шартнома беришни очганди ва бир кундан кейин Cobalt, Lacetti ва Damas учун аризаларни қабул қилишни тўхтатди. Ўшанда 50 мингдан ортиқ шартнома тузилган. Кўплаб автосалонларда узун навбатлар пайдо бўлди.
Олибсотарларга қарши курашиш учун компания, агар бир киши йилига бир хил моделдаги иккитадан ортиқ автомобиль сотиб олган бўлса, автомобилни харидорга етказиб бериш муддатини 120 кунгача оширишини маълум қилди. Бундай ҳолда, ҳар бир кейинги машина навбатнинг охирига кўчирилади. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси бу муддатни 270 кунгача оширишни режалаштирган.