Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчи» МФЙ Хонобод кўчасида жойлашган «Inter Logistics» МЧЖга қарашли омборхоналар ҳудудида портлаш оқибатида ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди.
ФВВ берган қўшимча маълумотга кўра, ёнғин соат 10:47 да батамом ўчирилган.
Ёнғин жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.
Воқеа жойида тегишли ташкилот ва хизматлар ҳамкорлигида тезкор Штаб ташкил этилган.
«Ёнғинни бартараф этиш ишларига ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди», дейилади хабарда.
Содир бўлган ёнғин юзасидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари Тошкент шаҳар Прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда.