Сурхондарёда аҳоли мурожаатларига масъулиятсизлик билан қараган 15 га яқин масъул вазифасидан озод этилди

Шунингдек, 4 нафарини ойлик иш ҳақидан жаримага, 8 нафари “ҳайфсан” интизомий жазосига тортилиши белгиланди.

Бугун, 9 ктябрь куни Сурхндарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида секторлар, ҳоким ўринбосарлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда ҳудудий студиялардан алоқадор масъуллар иштирокида қатор масалалар муҳокамасига бағишланган “Ҳокимлик соати” ўтказилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда ижро интизоми, фуқаролар мурожаатлари ижроси, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, коммунал тўловларни ундириш масалалари ҳамда журналист ва блогерлар томонидан кўтариб чиқилаётган жойлардаги муаммо ва мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди. Ҳар бир масала юзасидан масъуллар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

Фуқаролар мурожаатлари ижроси ҳамда кўтарилаётган муаммоли масалаларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўяётган, юклатилган вазифаларга бефарқлик билан қараган вилоят ва ҳудудий даражадаги раҳбарлар ҳамда масъулларнинг 14 нафарини эгаллаб турган вазифасидан озод этиш, 4 нафарини ойлик иш ҳақидан жаримага, 8 нафари “ҳайфсан” интизомий жазосига тортилиши белгиланди. Шунингдек, айрим туманлар ҳокимлари расман огоҳлантирилди.

Вилоят раҳбари кун тартибидаги ҳар бир масала юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар ижросини қатъий назорат остида бажарилишини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, марказлашган иситиш тизимини жорий этиш ишларини бир ҳафта муддатда якунига етказиш юзасидан топшириқларни белгилаб берди.