Россияда мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлашига чеклов қўйилиши мумкин. Бу борада янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Давлат думасига хорижликларнинг тиббиёт муассасалари, дорихоналар, мактабларда ишлаши ҳамда такси ва юк ташувларини амалга оширишини тақиқловчи қонун лойиҳасини киритилган.
Ҳужжат муаллифларига кўра, меҳнат муҳожирлари асосий оқимини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганлар ташкил этади. Лойиҳа муаллифлари иқтисодий фаолиятнинг барча турларида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини 5 фоизгача чеклашни таклиф қилмоқда.
Мигрантларни “чет эллик ишчилар малакасиз меҳнати фойдадан кўра кўпроқ зарар етказиши мумкин бўлган соҳаларга” жалб қилишни тўлиқ тақиқлаш ҳам кўзда тутилмоқда. Бундай соҳалар орасида тиббиёт муассасалари ва мактаблардаги иш бор.
Билдирилишича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши иқтисодиёт мазкур тармоқларида мигрантлар сони кўпайишини тўхтатиш, Россия фуқароларини қўшимча иш билан таъминлаш имконини беради.