Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропининг ишлаб чиқарувчиси — Мarion Biotech компанияси фаолияти қайта тикланиши мумкин.
Reuters агентлигининг хабар беришича , компаниянинг бу бўйича йўллаган мурожаати қисман қабул қилинган.
Мarion Biotech жойлашган Уттар-Прадеш штатидаги дорилар бўйича давлат назоратчиси Шаши Мохан Гупта фирма томонидан ишлаб чиқарилган бошқа дори воситалари сифатсизлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтган.
«Шунинг учун адолатни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқарувчи фирманинг мурожаати қисман қабул қилинди. Унинг (йўтал сиропи ингредиенти) пропилен гликолдан фойдаланган ҳолда маҳсулот тайёрлашга рухсати бекор қилинди ва бошқа барча маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишга рухсат берилди», дейилади хабарда.
Январь ойида Ҳиндистон ҳукумат лабораторияси томонидан ўтказилган тестларда Marion ишлаб чиқарган сиропларнинг 22 намунаси сохта эканлиги аниқланган.
Фирма март ойида ёпилган эди. ЖССТ хулосасига кўра, ушбу завод Ўзбекистон, Гамбия ва Индонезияда 200 дан ортиқ боланинг ўлимига сабаб бўлган.