Юқори малакали шифокорларга вазир тақдимномаси асосида бир поғона юқори малака тоифаси берилиши мумкин

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра:

  • тиббиёт муассасаларининг биринчи раҳбарлари;
  • уларнинг ўринбосарлари;
  • соғлиқни сақлашнинг бошқарув тизимида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлигини сақлаш мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиши мумкин.

Тиббиёт ва фармацевтика таълими соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса тиббий ихтисослигига мос равишда тегишли мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда малака тоифаси мавжудлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қўшимча тўловлари татбиқ этилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси мавжудлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қўшимча тўловлари сертификатда кўрсатилган санадан бошлаб унинг амал қилиш муддати давомида амалга оширилади.

Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимларига муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида бир йилдан кейин навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин.

Тиббиёт ташкилотларида бевосита даволаш-профилактика фаолияти билан шуғулланаётган, зарур иш стажи бўлган, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга Соғлиқни сақлаш вазири тақдимномаси асосида илмий даражаси бўлмаса-да, истисно тариқасида бир поғона юқори малака тоифаси берилади.