Bugun.uz’ берган маълумотларга кўра, аёл қизини уйга қамаб, ўзи пахта теримига кетган. Эртасига эса қиз вафот этган.
Хоразм вилояти Хива туманида 24 ёшли аёл эри ва қайнонасига жаҳл қилиб икки ёшли қизи Шаҳруза Эржановани ўқлов билан урган ва уйга қамаб, ўзи пахта теримига кетган. Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, қиз ўша куннинг эртасига вафот этган.
Қайд этилишича, воқеа бундан икки йил аввал, 2021 йилнинг 29 сентябрида содир бўлган. 24 ёшли Шоҳиста Эржанова шу куни турмуш ўртоғи ва қайнонасининг фарзандига билдирган эътирозларидан жаҳли чиққан. Шундан сўнг, у қизини ўқлов билан уриб, ётоқхонага олиб кириб, ухлатган ва устидан эшикни қулфлаб, ўзи пахта теримига кетган. Эртасига, 30 сентябр куни қиз вафот этган.
Суриштирувларга кўра, Шоҳиста Эржанова оилавий келишмовчиликлар сабабли қизини доимий равишда калтаклаб келган ва бунга қўшнилари ҳам кўп бора гувоҳ бўлган.
Суд тиббий экспертининг хулосасига кўра, қизчанинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, энса соҳаси ортига қон қуйилиши, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи ёпиқ жароҳати, диафрагма, пешона соҳаси, юзлари, чап кўзи, иккала қулоқ, бўйин, қорин олдинги девори, ўнг ва чап елка, ўнг қўл кафти 3 бармоғи, белда кўкаришлар ҳамда қон кетишдан кейинги шок, бош мия ва ўпкалар шишиши натижасида келиб чиққан ўткир юрак, нафас, буйраклар жигар етишмовчилиги сабаб болган.
Бироқ, Хива туман прокуратураси 2021 йилнинг 29 октябр куни Шаҳрузанинг ўлимига «ўткир респиратор касаллик, ошқозон ичак фаолияти бузилиши, талваса синдроми, камқонликнинг оғир даражаси, тутқаноқ касаллиги ва бошқа далиллар» сабаб бўлганини кўрсатиб, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Орадан икки йил ўтиб, 2023 йилнинг 12 сентябрида туман прокуратурасининг Шаҳрузанинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорини Хоразм вилоят прокуратураси бекор қилиб, қўшимча суриштирув бошлаган.
Айни пайтда Шоҳиста Эржанова қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.