Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси халқ тилида “Суюнчи нафақаси” деб аталадиган бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақанинг тўланиш тартиби тўғрисида маълумот берди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ушбу нафақа ҳар бир туғилган фарзанд учун тўлаб берилади. Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи деб белгиланган. Яъни ҳозирги кунда 688 940 сўмни ташкил этади.
Суюнчи нафақасини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, бунда фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадида “суюнчи нафақаси”ни тайинлаш бўйича хизматлар 2020 йилдан бошлаб фуқаронинг мурожаатисиз композит шаклида амалга оширилмоқда.
Яъни бугунги кунда бола туғилганда болага бериладиган фамилия, исм ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар тиббиёт муассасаси (туғуруқхона, шифохона туғруқ бўлими, оилавий поликлиника) томонидан “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Пенсия жамғармаси томонидан барча зарурий маълумотлар тиббиёт муассасаси ва ФҲДЁ ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган ҳолда “суюнчи” нафақаси автоматик равишда тайинланади.
Бунда, боланинг отаси ёки онаси Пенсия жамғармасига мурожаат қилмасдан тўғридан тўғри “Халқ банки”нинг исталган филиалига мурожаат қилиш орқали “суюнчи” нафақасини олиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, фуқаронинг хоҳишига кўра ушбу нафақалар “Халқ банки”га ҳам мурожаат қилмасдан уларнинг банк картасига юклаб берилиши мумкин.
Маълумот учун, бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун “Халқ банки”нинг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин.
Нафақа тайинлаш ва тўлаш жараёнлари осонлаштирилгани натижасида ушбу нафақани олувчилар сони ошган. Хусусан, 2022 йилда туғилган болалар сони 932,2 мингтани ташкил этган бўлса “суюнчи” нафақаси 922,4 минг нафарига (ёки 98,9%) тўлаб берилган. Таққослаш учун, 2018 йилда туғилган болалар сони 768,5 минг нафарни ташкил этиб, “суюнчи” нафақасини олиш учун 681,7 минг нафар (ёки 88,7 фоиз) мурожаат қилган.