Транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда белгиланган оғирлик ва габарит меъёрларига қўйилган талабларни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, шунингдек, ҳужжат билан республикадаги барча тоифадаги автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг хизмат кўрсатиш муддатини узайтириш ҳамда сақлаш харажатларини қисқартириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Ҳукумат мазкур ҳужжат билан автомобиль йўлларида вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилувчи стационар шохобчалар ўрнатиш ва ундан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш тизимини жорий этишни режалаштиряпти.
Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 25-апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган регламентда белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импортдан олиб келинган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини (самосвал ва сочилувчан юкларни ташувчи ярим тиркамалар) республика ҳудудидаги ҳаракатини тартибга солинади.
Белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импорт қилинаётган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини республика ҳудудига олиб кириш ва ҳаракатланиши таъқиқланади.
Оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини эса маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида соат 08-00 дан 22-00 га қадар чеклаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган бўлиб, юридик кучга эга эмас.