“Док-1 Макс” ишлаб чиқарувчилари бўлган ҳиндистонлик тадбиркорлар камида 65 нафар ўзбекистонлик боланинг ўлимига сабабчи дея қаралаётган сиропни беморларга мунтазам равишда тавсия қилиб келган шифокор, ҳамшира ва дорихона ходимларини рағбатлантириб келган. Бу ҳақда мазкур жиноят иши кўриб чиқилаётган суднинг 23 октябрь куни бўлиб ўтаётган навбатдаги мажлисида сўз борди.
Навбатдаги суд мажлисида кўрсатма берган Солиқ қўмитаси вакилининг сўзига кўра, ишлаб чиқарувчилар “Док-1 Макс” сиропини беморларга тавсия қилган ва унинг кўпроқ сотилишига ҳисса қўшган шифокорларга 5 миллиард 57 миллион сўмлик рағбат пули тўлаган. Шифохонадаги эмлаш ҳамшираларига эса бу хизмати учун 122 миллион сўмлик мукофот пуллари берган. “Док-1 Макс” сиропини бошқаларга нисбатан яхши ва кўпроқ сотган дорихона сотувчилари ва раҳбарларини муокофотлаш учун эса 2 миллиард 345 миллион сўм маблағ ажратган.
Солиқчининг қўшимча қилишича, шунингдек “Quramax Medikal” МЧЖ масъуллари корхона фаолиятига ҳисса қўшган ходимларига конверт усулида 13 миллиард сўмлик ойлик маош тўлаб берган.
Бу маблағлар даромад солиқларига тортилгач, МЧЖнинг қўшимча 9 миллиард 600 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги юзага келган, — деди солиқчи.
Ҳиндистонлик судланувчи, “Quramax Medikal” МЧЖ директори С.Р.П. манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Даврон Аҳмадов солиқчининг маълумотларга эътироз билдириб, нега шифокорлар ўз вазифасини бажариб, беморга дори тавсия қилгани, муолажа учун дорилар ёзиб бергани учун улардан ундирилаётган даромад солиқларини айнан “Quramax Medikal” МЧЖ тўлаб бериши кераклигини сўради. Солиқчи Солиқ кодексига кўра, “Quramax Medikal” МЧЖ солиқ агенти сифатида кўрилганини, шу сабаб шифокорларга тўланган 5 миллиард 57 миллион сўмлик пулдан олинаётган даромад солиғи айнан МЧЖдан ундирилишини маълум қилди.