Жорий йилнинг 24 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ҳам интернет орқали мобил қурилмалар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларни блоклаш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.
Бу кўпинча зарарли дастурларни юбориш, шахсий маълумотларни ўчириш, ўзгартириш ёки таҳдид қилиш орқали пул ишлаб олиш ва бошқа моддий манфаатларни кўзлаш натижасида юзага келмоқда.
Шу билан бирга, одамларнинг фотосуратлари, овозлари ва бошқа биометрик маълумотларини турли дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари кўп учраяпти.
Бу каби ҳуқуқбузарликларни содир этаётганлар учун жазони кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиляпти.
Шунингдек, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс крипто-активларнинг ноқонуний муомаласи, жумладан, ноқонуний майнинг фаолияти учун ҳам жазони кучайтиради.
Йиғилишда сенаторлар қонун қабул қилингандан кейин ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари аҳоли ва жамоатчилик ўртасида мазкур масалалар доирасида тарғибот ишларини кучайтиришни таъкидлашган.
Қонун лойиҳаси юқори палатанинг кейинги ялпи мажлисларидан бирида кўриб чиқилади.