“Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–343-сон, 24.10.2023 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелгача алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:
➖ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари;
➖Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.
2024 йил 1 январдан:
🔹ичимлик сув ва оқова сувни чиқариб юбориш нархлари маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш, молиявий харажатлар, солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб чиқиб шакллантирилади;
🔹янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади.
Қарорга кўра, 2024–2026 йилларда:
▫️ичимлик сув таъминоти оғир бўлган жами 813 та маҳалла ичимлик сув билан таъминланади;
▫️124 693 та хонадонга ичимлик сув тармоқлари уй хўжалигигача етказилади;
▫️130 та аҳоли яшаш пунктларида давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилади;
▫️792 090 нафар истеъмолчилар ичимлик сув учун ҳисоблагичлар билан таъминланади.
2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.