Хорижий нашрларнинг ёзишича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху билан алоқани узаётганини айтган. Эрдўғон бунга Исроилнинг айнан Ғазодаги ҳаракатларини сабаб қилиб кўрсатган.
«Нетаньяху энди биз гаплашадиган одам эмас. Биз уни ҳисобдан чиқардик» дея таъкидлаган Туркия президенти.
Эрдўғоннинг ушбу баёноти Исроил-ХАМАС уруши ҳақидаги Туркиянинг тобора қизғин нутқлари туфайли Исроил Анқара билан муносабатларини «қайта кўриб чиқаётганини» айтганидан бир ҳафта ўтиб янграган.
Эрдўғон шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларни бутунлай узиб бўлмаслигини, Исроил расмийлари билан музокараларни Туркия хавфсизлик хизмати раҳбари Иброҳим Калин олиб бораётганини айтган.
«Алоқаларни бутунлай узиш, айниқса, халқаро дипломатияда мумкин эмас. Иброҳим Калин мунтазам равишда Исроил томони билан, Фаластин ва ҲАМАС билан ҳам музокараларни олиб бормоқда» дея қўшимча қилган Эрдўғон.
Шунингдек, давлат етакчиси Исроил томонидан тинч аҳолига қарши давом этаётган ҳужумлар натижасида Ғазода содир бўлаётган инсонпарварлик фожиаси ҳамда Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш чақириқларини рад этиши туфайли ўзининг Тел-Авивдаги элчисини Туркияга чақиртириб олган.
Бундан ташқари, у агар Исроил ҳаракатлари тўхтатилиб, жавобгарликка тортилмаса, глобал тизимга ишонч қолмаслигини ҳам айтган.