Непал ғарбида 4 ноябрь, шанбага ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида 128 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди, деб хабар берди dpa маҳаллий ҳокимият органларига таяниб.
Непалнинг Миллий зилзила мониторинги ва тадқиқот маркази 6,4 магнитудали зилзилани қайд этди. Унга кўра, зилзила эпицентри Непал пойтахти Катмандудан 400 км узоқликда жойлашган Жаяркот вилоятида бўлган. АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмологик маркази 6,4 балл, Потсдамдаги Германия Геофизика тадқиқот маркази (Geoforschungszentrum, GFZ) 6,2 балл деб баҳолади.
Одамлар вайроналар остида қолиб кетганлиги сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, Непалдаги зилзиланинг силкинишлари ҳатто Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида ҳам сезилган.
Ҳукумат қидирув ва қутқарув ишларига ёрдам бериш учун хавфсизлик кучларини юборди.
Непалда тез-тез зилзилалар содир бўлади. 2015 йилда 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 9 мингга яқин одам ҳалок бўлган, кўплаб бинолар вайрон бўлган.