Ўзбекистон аҳолиси ўртача неча йил яшамоқда?

Мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 74,3 ёшни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълумот берди.

2023 йил 1 октябрда Ўзбекистондаги доимий аҳоли сони 36,6 миллион кишига етди. Шундан 18 миллион 423 минг нафари эркаклар, 18 миллион 177 минг нафари аёллардир.

Жорий йил бошида республика аҳолисининг туғилишда кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги 74,3 ёшни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич эркаклар учун 72,1 ёш, аёллар учун 76,6 ёшга тўғри келган. Шу билан бирга, ўртача умр кўриш даври шаҳар жойларда 74,8 ёш, қишлоқ жойларда 73,6 ёшни ташкил этмоқда.

“2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 65 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли салмоғи 5,4 фоиз. Бу кўрсаткич халқаро мезонлар бўйича Ўзбекистон аҳолиси “демографик кексайиш бўсағасида”ги мамлакатлар қаторига киришини англатади”, — дейилади агентлик ахборотида.

Кексайиш коэффициенти – БМТ демографлари томонидан кексайиш жараёнини баҳолаш мақсадида ишлаб чиқилган уч босқичли мезон. Унга кўра, 65 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли улуши 4 фоиздан кам бўлса – демографик ёш, 4–7 фоиз бўлса – кексайиш бўсағасида, 7 фоиздан ошса, ҳудуд аҳолиси демографик кекса ҳисобланади.

Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 32 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 56,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 11,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони Меҳнат кодексига мувофиқ 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллардан ташкил топади. 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 60 ёш ва ундан катта эркаклар ҳамда 55 ёш ва ундан катта аёллар меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар тоифаларига ажратилади.