2023 йилнинг 10 ойида Омбудсманга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан озодлиги чекланган ҳамда ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 147 та шикоят келиб тушган. Бу ҳақда Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълум қилди.
«Қийноқ ва босимлар ҳақидаги шикоятларнинг 28 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 23 таси ёпиқ муассасалардаги «Омбудсман қутиси» орқали, 46 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳбус(маҳкум)ларнинг яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 22 таси Омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар пайтида, 22 таси электрон мурожаат тарзида ва 6 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган», дейди Фотима Мадраҳимова АОКАда ўтказилган брифингда.
Унга кўра, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 21 та хабарлар ўрганилиб, бу бўйича муносабат билдирилган.
Мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 4 та тақдимномаси киритилган.